Валюта курслари 30/09/2024
$1 – 12715.42
UZS – -0.17%
€1 – 14190.41
UZS – -0.02%
₽1 – 137.00
UZS – -0.44%
Қидириш
Ўзбекистон 19/04/2019 Пойтахтимизда Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси очилди
Poytaxtimizda Milliy umumta'lim elektron kutubxonasi ochildi

Ташкент, Узбекистан (UzDaily.uz) - 18 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Миллий умумтаълим электрон кутубхонасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда LG CNS компанияси, Жанубий Кореянинг экспорт-импорт банки, Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги элчисихонаси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мутасаддилари, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва унинг тасарруфидаги Ахборот-кутубхона марказлари мутахассислари ва ОАВ ходимлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Миллий умумтаълим электрон кутубхона”си (UzNEL) лойиҳаси Жанубий Корея Республикасининг иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан биргаликда амалга оширилди.

“Миллий умумтаълим электрон кутубхона” лойиҳасининг 1-босқичида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва 20 та вилоят кутубхонасини ўзаро боғлаб ягона маълумот алмашинувини йўлга қўйиш кўзланган бўлса, кейинги босқичда Ўзбекистон ҳудудида жойлашган 200 та кутубхонани қамраб олиш режалаштирилмоқда.

“Ҳозирги кунда дунёда барқарор ривожланиб бораётган Ўзбекистонда нафақат иқтисодий, балки маънавий ривожланишга катта эътибор қаратилаётгани сир эмас, – деди LG CNS компанияси президенти Ким Ён Соб. – Миллий умумтаълим электрон кутубхонасини яратиш лойиҳаси ўзбек-корейс иқтисодий ҳамкорлигининг устувор лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Фурсатдан фойдаланиб, лойиҳанинг вужудга келишида хайрихоҳлик қилган, мазкур лойиҳага бўлган қизиқишлари ва унинг тадбиқ этилишига ўз ҳиссасини қўшган  барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман”.

“Лойиҳадан кўзланган мақсад – жамоатчиликнинг электрон ахборот ресурсларидан фойдаланиш имониятини ошириш, ахборот-кутубхона муассасаларини ягона электрон кутубхона тизимига улаш билан бирга, аҳоли билим савияси ва сифатини оширишдан иборат, – деди Кореянинг экспорт-импорт банки раиси Инг Сон Со. – Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси электрон кутубхона, рақамлаштириш ва сканерлаш маркази ҳамда мультимедиа марказидан иборат. Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси Ўзбекистонда нафақат ахборот-кутубхона соҳаси, балки ахборот-коммуникация технологиялари ривожланишида ҳам ўз хиссасини қўшишига ишонамиз”.

“Миллий умумтаълим электрон кутубхонасининг тамал тоши 2018 йилда қўйилган бўлса-да, унга аъзо бўлган ахборот-кутубхона муассасаларини ўрганиш, уларнинг имкониятлари билан танииш ишлари анча аввал бошланган, – деди Миллий кутубхона директори Умида Тешабоева. – Бугун электрон кутубхона очилиш маросимида унинг ташкил топиши ва фаолияти бошланишида бизни қўллаб-қувватлаган давлатимиз раҳбарларига, Корея давлатидан келган мутахассисларга, барча ҳамкор ташкилотлар ва корхоналарга чексиз ташаккуримизни билдирмоқчиман. Миллий умумтаълим электрон кутубхонаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш ташаббуснинг тўртинчиси, яъни аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ташаббусига ҳамоҳанг бўлиб, китобхонлик маданиятини тарғиб этиш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга ҳизмат қилишига ишонаман”.

Тадбир сўнгида 20 та ахборот-кутубхона муассасасига сертификатлар топширилди. Шунингдек, лойиҳа доирасида мазкур муассасалар сканер ускунаси ва жиҳозлари билан таъминланиши айтилди.

Манба: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги телеграм канали.  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг