Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 02/04/2021 Ўзбекистон ташаббуси билан Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи тузилди
Ўзбекистон ташаббуси билан Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи тузилди

БМТ Бош котибининг Ёшлар ишлари бўйича элчиси Жаятма Викраманаяке Ўзбекистон ташаббуси билан тузилган Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳининг тақдимотида иштирок этди. Ушбу халқаро лойиҳа доирасида бутун сайёрамиз ёшларининг ҳуқуқларини илгари суриш ва имкониятларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

 Бугунги кунда дунёда қарийб 2 миллиард нафар ёшлар яшайди ва бу – инсоният тарихидаги энг кўп сонли авлод, деганидир. Айрим мамлакатларда аҳолининг 70 фоизигача бўлган қисмини навқирон инсонлар ташкил этмоқда.

 Шу билан бирга, БМТнинг жорий инқирозга қадар эълон қилинган маълумотларига қараганда, жаҳон ёшларининг ҳар бештасидан биттаси ўқиш, касб-ҳунар ўрганиш ва ишлаш имконига эга эмас. Ёшларнинг ҳар тўрттадан биттаси можароли шароитларда яшаётган бўлса, ҳар йили 12 миллион нафар қиз ўзи балоғатга етмасдан фарзанд кўрмоқда.

Пандемия бундай қалтис вазиятни янада оғирлаштириб юборди: мактаб ўқувчиларининг камида учдан бир қисми билим олиш имкониятидан маҳрум бўлди, салкам ярим миллиард нафар ўқувчи мактабга бармаяпти, 11 миллион нафар қизлар эса умуман дарсга қайтмаслиги эҳтимоли мавжуд.

Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш яқинда ўз чиқишларидан бирида дунё аҳлини бутун бошли бир авлод фалокат ёқасида турганидан огоҳлантирди. Бунда экстремистик гуруҳларнинг ижтимоий тармоқларда яна фаоллашиб, ўзаро нафратни тарғиб этаётгани ва ёшларни ўз сафларига даъват қилаётгани янада хатарлидир.

Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳининг асосий вазифаси – ёшлар сиёсати соҳасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ёшлар ҳуқуқларига доир халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш борасидаги саъй-ҳаракатларни рағбатлантиришдир. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш ғояси таклиф қилинган. Ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.

Бугунги кунга қадар Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи сафига Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия давлатлари қўшилди.

Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов қайд этганидек, ижтимоий ҳаётда навқирон авлоднинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Шунга қарамай, афсуски, уларнинг келажаги учун муҳим аҳамият касб этадиган қарорларни қабул қилиш ва шу жараёнларда бевосита иштирок этиш даражаси кўпинча фақат маслаҳатлашувлар билан чекланиб қолмоқда.

Ваҳоланки, дунё ёшлари зўравонликлардан айниқса кўп азият чекмоқда. Бугун жаҳон миқёсидаги жами қотилликлар қурбонларининг ярмидан кўпини 30 ёшга тўлмаган шахслар ташкил этмоқда, 400 миллион нафардан ортиқ навқирон инсон қуролли низолар шароитида яшамоқда, салкам 27 миллион нафар ёшлар эса халқаро мигрантлар ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий вакили Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳи ёшларга доир мулоқотларнинг фаоллашишида, ёшлар ҳуқуқларига доир халқаро-ҳуқуқий ҳужжатнинг муҳимлиги юзасидан амалий баҳс-мунозаралар ташкил этилишида, пировардида тегишли Конвенция лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳ шакллантирилишда муҳим роль ўйнашини таъкидлади. Ёшлар ҳуқуқлари бўйича дўстлар гуруҳига бошқа мамлакатларни ҳам аъзо бўлишга чақирди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг