5 март куни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида хотин-қизларнинг бизнес асослари бўйича билим даражасини, иқтисодий, молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш орқали уларнинг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳудудлардаги бизнес муҳитни яхшилаш, янги иш ўринлари яратилишига каратилган Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, акциядорлик тижорат Халқ банки ҳамда «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ўртасида уч томонлама меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтади.
Барчамизга яхши маълумки, бугунги кунда аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда ҳимоялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уларнинг тадбиркорлик ва жамоат ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Молиявий, таълим, ахборот ресурсларидан фойдаланишларини таъминлашга кўмаклашиш устувор аҳамият касб этаётир.
Опа-сингилларимизнинг бозор муносабатларида иштирок этишлари учун қулай шароитлар яратиш ҳам давр талаби. Бунинг учун инновацион таълим дастурларини жорий этиш, қайта ўқитиш ва малакасини ошириш йўли билан аёллар меҳнати рақобатбардошлигини ошириш талаб этилади.
Айни масала ечимида аёлларнинг иқтисодий ва ижтимоий имкониятларини яхшилашнинг институционал юридик механизмларини шакллантириш ва тадбиркор аёлларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Иқтисодий тараққиётга фаол ҳисса қўшаётган хотин-қизларнинг бу борадаги ташаббус ҳамда интилишларини қўллаб-қувватлаш юқори натижа беради.
Опа-сингилларимизга замонавий ахборот технологияларига асосланган тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш эса уларнинг иштирокида янги инновацион кичик корхоналар ва иш ўринлари яратилиши, иқтисодиётда аёллар улушини кўпайтиришга, уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга хизмат қилади. Шу мақсадда тадбиркорлик фаолияти ва бизнес бўйича қисқа ўқув курслари ташкил этилиши муҳим аҳамиятга эга.
Уч томонлама имзоланган меморандум асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги «Аёллар дафтари»да рўйхатда турувчи, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги хотин-қизларни туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида иш қидирувчи ёки ишсиз сифатида ўрнатилган тартибда рўйхатга олишни ташкил этади ва шакллантирилган рўйхат бўйича «Тадбиркор аёл» Ассоциацияси вилоят бўлимларига қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитиш учун буюртма беришни мувофиқлаштиради. Бундан ташқари, «Аёллар дафтари»да рўйхатда турувчи, иш қидираётган ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинган, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагидаги хотин-қизларни қисқа ўқув курсларида ўқитишни молиялаштиради. Бинобарин, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирувчи ва бизнес асослари тўғрисида маълумот берувчи ўқув курсларини ташкил қилишда ва ўтказишда Ассоциацияга ҳудудий бошқармалари орқали амалий-ташкилий ёрдам кўрсатади. Шунингдек, вазирлик ўқув курсларини ўтказиш учун ўз тасарруфидаги ўқув муассасалари биноларидан хона ва аудиторияларни ажратади, уларни керакли жиҳозлар билан таъминлайди.
“Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси эса вазирликнинг ҳудудий бош бошқармалари буюртмаларига биноан келишилган ҳолда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирувчи қисқа ўқув курслари, ўқув режалари ва дастурларини тайёрлайди, ўқув курсларини ташкиллаштиради, тадбиркорлик ва бизнес асослари бўйича ўқув қўлланмаларини нашр қилади, ўқув курсларини ўқув дастурлари билан таъминлайди. Ўз навбатида, ўқув курсларини ташкил этишга ҳудудий бизнес тренерларини ва ассоциациянинг ҳудудий бўлимларини сафарбар этади. Ўқув машғулотларида қатнашган хотин-қизларга ўқиш якунида уларнинг қобилиятларига қараб, ўқиганлик сертификатларини беради. Шу билан бирга, ўқув курслари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, уларнинг ишга жойлашиш жараёнларини мониторинг қилиб боради.
Халқ банки “Аёллар дафтари”да рўйхатда турувчи, туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида иш қидираётган ёки ишсиз шахс сифатида ўрнатилган тартибда рўйхатга олинган, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш (учун имтиёзли кредит олиш) истагида бўлган хотин-қизлар рўйхатини шакллантиради. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаш (учун имтиёзли кредит олиш) истагида бўлган хотин-қизлар рўйхатини тадбиркорлик қисқа ўқув курсларида ўқишлари учун аҳолини бандлигига кўмаклашиш марказларига тақдим этади. Ўқув курсларини муваффақиятли тугатиб белгиланган тартибда тасдиқланган сертификатга эга бўлган ва тадбиркорлик фаолиятини бошлаш (учун имтиёзли кредит олиш) хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратади.