2 февралда Тошкент шаҳрида Афғонистон ташқи ишлар вазири Х.Атмар, Покистон бош вазирининг савдо, саноат ва инвестициялар бўйича маслаҳатчиси А.Р.Довуд иштирокида “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўлининг қурилиши бўйича ташкил этилган биринчи учтомонлама йиғилишнинг якунларига Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти марказ раҳбари Бахтиёр Мустафаевнинг шарҳи
“Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўлининг қурилиши бўйича Афғонистон ва Покистон ҳукуматининг юқори даражадаги аъзолари иштирокидаги биринчи бор ташкил этилган учтомонлама учрашув хақиқатдан ҳам тарихий воқеа. Сабаби Афғонистон орқали Покистон денгиз портларига чиқиш учун аввал ҳам ҳаракатлар бўлган, лекин уларнинг барчаси баёнот даражасида қолиб кетган. Эътиборлиси, Тошкентдаги учрашув якунлари бўйича “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўлини қуриш бўйича аниқ Ҳаракатлар режаси қабул қилинди.
Бундай муҳим амалий қадам ҳеч шубҳасиз Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида Афғонистонга нисбатан олиб борилаётган яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларимизнинг натижаси десак муболаға бўлмайди. Бугун Ўзбекистон Афғонистон билан сиёсий, иқтосодий, инвестиция, транспорт, таълим ва маданий соҳаларда ўзаро манфаатларга асосланган кўп томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг қатъиий тарафдори.
Шу муносабат билан “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўлининг қурилиши Афғонистонда тинчлик ўрнатишида муҳим аҳамият касб этади. Бу лойиҳа нафақат Афғонистон ва минтақа, балки халқаро хавфсизликни таъминлаш нуқтаи назаридан стратегик аҳамиятга эга.
Буни бир қанча омиллар билан мисолида айтиш мумкин.
Биринчидан, бу темир йўл қурилиши натижасида Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг кўрадиган иқтисодий нафлари.
Хусусан, темир йўлнинг ишга тушуши минтақа давлатлари ўртасида савдо айланмалари ҳажмининг ошишига ва ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга сабаб бўлади. Агар буни давлатимиз мисолида кўрадиган бўлсак, бугун Покистон ва Ҳиндистон билан боғлайдиган тўғридан тўғри йўлнинг мавжуд эмаслиги натижасида Ўзбекистоннинг ушбу давлатлар билан савдо айланмаси 500 млн. доллардан ошмайди. Ваҳоланки Жанубий Осиё давлатларининг ЯИМ 3,5 трлн. долларга, аҳолиснинг сони эса 1,9 млрд. Кишини ташкил этадиг. Яъни темир йўл қурилиши Марказий ва Жанубий Осиё ўратсидаги иқтисодий ҳамкорликнинг барча имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга хизмат қилади.
Иккинчидан, “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўли икки минтақа давлатлари ўртасида юк ташишга сарфланаётган вақтни кескин қисқартиради. Яна аниқ мисолларга таянадиган бўлсак, бугун Марказий Осиё давлатларининг маҳсулотлари Покистонга ўртача 30-35 кунда етказилмоқда. Темир йўл қурилиши эса ушбу вақтни 8-10 баробаргача қисқартириш имконини беради.
Қолаверса, битта 30 тонналик контейнернинг етказишга кетган харажат 3 баробарга, яъни 900 доллардан 300 долларгача қисқариши мумкин. Бу нафақат Марказий Осиё ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо айланмасининг ўсишига олиб келади, балки ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини оширади.
Учинчидан, “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўлининг қурилиши Марказий Осиё минтақасини транспорт ва логистика нуқтаи назаридан жозибадор минтақага айлантиради. Тарихдан маълумки, Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб боғлаб турувчи муҳим кўприк вазифасини ўтаб келган. Қолаверса ушбу лойиҳа Марказий Осиё орқали товар экспорт қилаётган ишлаб чиқарувчиларга муқобил транспорт йўлакларидан фойдаланиш имконини беради.
Тўртинчидан, ушбу лойиҳа Афғонистонда тинчлик ўрнатишда ҳеч муболағасиз янги саҳифа очишга хизмат қилади. “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўлининг қурилиши Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича минтақавий ва халқаро даражада якдил ёндашув – консенсусни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Сабаби темир йўл қурилиши Афғонистонда тинчлик ўрнатишга жалб қилинган барча давлатларнинг манфаатларига жавоб беради. Хусусан бугун Россия, АҚШ ва Хитойнинг расмий вакиллари ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлаб, унинг қурилишида иштирок этиш ҳоҳиши борлигини билдиришган.
Юоридаги мисоллардан биз “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўл лойиҳасининг қанчалик беқиёс аҳамиятга эга эканлигини кўрдик.
Лекин шундай бўлсада бугун хорижий расмий ва сиёсий эксперт доираларида ушбу лойиҳага нисбатан ишончсизлик ва шубҳа билан қараш сақланиб қолмоқда.
Асосий сабаб сифатида Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият, географик жиҳатдан йўлнинг тоғли ҳудудлардан ўтиши ва молиялаштириш манбаларининг мавжуд эмаслиги айтилмоқда.
Тўғри Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият мураккаблигича сақланиб қолмоқда. Лекин унинг асосий сабаблари нима? Энг аввало ижтимоий иқтисодий вазиятнинг оғирлиги, ишчи ўринларининг мавжуд эмаслиги, ёки бўлмаса йўл ва энергетика инфраструктураларининг ровожланмаганлиги эмасми?! Натижада Афғонистон аҳолиси кун кечириши учун турли хил диний экстремистик оқимларга ва террористик гуруҳларга қўшилишга, ёки бўлмаса наркотик моддалари ишлаб чиқаришда ва сотишда иштирок этишга мажбур бўлишмоқда.
Ўз навбатида “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўл қурилиши натижасида минглаб янги ишчи ўринлари яратилади, ҳудудларда янги йўллар ва электр тармоқлари қурилади. Шу нуқтаи назардан “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўлининг қурилишини нафақат транпорт лойиҳаси сифатида балки Афғонистонда тинчликни таъминлашга хизмат қиладиган ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга кенг имкониятларни очиб берадиган муҳим лойиҳа сифатида қараш зарур.
Иккинчи сабаб, яъни технологик мураккабликлар. Бугун дунёда темир йўл қурилиш соҳаси жуда шиддат билан ривожланмоқда, Агар мисол келтирадиган бўлсам дунёдаги энг баланд ҳисобланган яъни денгиз сатҳидан 5000 метр баландликда қурилган Цинхай – Тибет темир йул бундан 15 йил аввал Хитойда қурилган. Бундан ташқари бугун давлатимиз темир йўл қурилиши соҳасида ўзига хос илғор тажрибага эга. Мисол тариқасида, “Ангрен-Поп” темир йўлининг таркибий қисми ҳисобланган Қамчиқ довонида 2016 йилда хитойликлар билан ҳамкорликда қуриб итказилган 19,6 километрлик туннелни айтиш мумкин. Ушбу туннел йўл қурилиши соҳасида мураккаблиги жиҳатидан кучли 10 таликка киритилган лойиҳалар қаторидан жой олган.
Яна бир муҳим фикрни айтиб ўтмоқчиман. Ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Афғонистонда темир йўл қурган ягона давлат ҳисобланади. Хусусан, Ўзбекистон 2010 йил Афғонистонда “Ҳайратон-Мозори-Шариф” йўналиши бўйича темир йўлини қуриб, фойдаланишга топширган. Ўша вақт Президентимиз Шавкат Мирзиёев бош вазир сифатида темир йўл қурилишга ўзлари бош-қош бўлган эдилар. Қолаверса, “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўлини қуришда халқаро экспертлар ва етук мутахасисларнинг хизматидан фойдаланилади.
Шу нуқтаи назардан “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йулининг тоғли ҳудудлардан ўтиши унинг қурилишига тўсиқ бўлади деб ўйламайман.
Учинчидан, молиялаштириш масаласи. Бирламчи баҳоларга кўра “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йўлини қуриш учун 4-5 млрд. доллар атрофида маблағ талаб этилади. Албатта бу Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон ҳукумати бюджетига бирмунча оғирлик қилиши мумкин. Лекин масаланинг бошқа томонига ҳам эътибор бериш керак. Бугун дунёнинг етакчи халқаро институтлари ушбу лойиҳани тўлиқ қўллаб қувватлашмоқда ва уни молиялаштиришга тайёр эканликларини намоён этишмоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида Тошкентдаги юқори даражадаги учтомонлама учрашувда Жаҳон банки, Ислом тараққиет банки, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфраструктравий инвестиция банки, Европани ривожлантириш ва реконструкция банки, Европа инвестиция банки вакилларининг иштирокини айтиш мумкин.
Ва энг асосийси мени назаримда, бу ҳақда Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги минтақавий директори Лилия Бурунчук хоним ҳам учтомонлама учрашувда алоҳида айтиб ўтдилар, бу бугун Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон давлат раҳбарлари ўртасида трансминтақавий ҳамкорликни ривожлантириш йўлида кучли сиёсий ирода, қатъият ва шижоатни намоён этаётганликлари деб уйлайман. Давлатлар ўртасидаги бундай якдиллик ва қарашлар уйғунлиги ҳеч шубҳасиз сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган ташқи сиёсатимизнинг муҳим ютуғи ҳисобланади.
Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида ягона ёндашувнинг шаклланиши халқаро ҳамжамият томонидан “Мозори-Шариф-Қобул-Пешавор” темир йулининг қурилишига нисбатан катта қизиқиш ва ишончнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Айнан шу омиллар менинг назаримда темир йўлни қуришда келажакда мустаҳкам пойдевор вазифасини бажаради.