Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 26/12/2020 Миллий палата дастури болаларга рухнинг фойдасини тушунтиради
Миллий палата дастури болаларга рухнинг фойдасини тушунтиради

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси томонидан бугунги кунда жуда долзарб саналган рух каби микроэлементнинг 12 минг упаковкаси мамлакатимизнинг бир қатор ҳудудларидаги болаларга етказилади. 24 декабрда дастлабки партияни Навоий вилояти болалари қабул қилиб олди.

Ҳудудларни қўллаб-қувватлаш ва тиббий билим бериш бўйича ўз дастурининг навбатдаги босқичини амалга ошириш учун Миллий палата томонидан янг ҳамкорлар билан музокара, аҳолини хабардор этиш учун янги мавзулар таҳлили давом эттирилди. Бунда асосий эътибор ўсиб келаётган авлодга қаратилди.  

Миллий палата раҳбари Ровшан Изамов ва Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсуновнинг ўртасида бўлиб ўтган учрашув мавзусидан нафақат инсонпарварлик тадбири жой олди. Шу билан бирга тиббий туризм соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари, ҳудуд соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш, вилоятга чет эл инвестицияси ва инновацион тиббий технологияларни жалб этиш масалалари ҳам муҳокама этилди. Хусусан, ҳудудда Россия инвестицияси кўмагида замонавий флебологик хизматини йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама этилди.

Ташриф доирасида Миллий палата ва Навоий вилояти ҳокимияти ўртасида тиббиёт соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. 

Таркибида рух бор дори воситаларини топшириш  учун мамлакатнинг 6-7 та ҳудудлари танлаб олинган. У ерларда худди Навоий вилоятидаги каби  вилоят раҳбарияти вакиллари билан ҳамкорликда тадбир амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг учун чекка ҳудудларнинг аҳоли яшаш пунктларидан махсус гуруҳлар — бошланғич синф ўқувчилари (1-4 синф) танлаб олинган. Навоий вилояти учун мўлжалланган 1,5 минг упаковкани 1,5 минг нафар бола олади. Тадбир «Jurabek Laboratories» корхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган, шунингдек аҳолининг кенг қатлами, айниқса ота-оналар ва болалар орасида зарур тиббий билимларни ёйишни мақсад қилган.  

Бугун рух каби микроэлемент COVID-19нинг енгил шакли билан касалланган беморларни даволашда қўл келаётгани учун унга жиддий эътибор қаратилган. Рух организмнинг иммун ҳимоясига кўмаклашиш ва нормал ўсиши учун зарур. Бу айниқса болалар учун жуда муҳим. Организмда рухнинг тақчиллиги билан боғлиқ ҳолатларда одатда суякларнинг ўсиши секинлашиши кузатилади. Шунинг учун айниқса чекка ҳудудларда яшаётган аҳолининг тиббий билимини оширишга қаратилган тадбирлар бугун жуда долзарб саналади.

Дори воситаларини тарқатиш жараёни Миллий палатанинг ҳар бир вилоятда фаолият юритадиган ҳудудий бўлинмалари ходимлари кузатуви остида амалга оширилади. Улар маърифат ишларини олиб бориш баробарда болалар, ота-оналар ва педагогларнинг бу борадаги саволларига ҳам жавоб беради.

Ўзбекистонда бугунги кунда ёш авлоднинг ҳар томонлама ривожланишига қанчалик катта аҳамият берилаётганлигини инобатга олиб, Миллий палата ушбу йўналишда кўплаб лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни давом эттиради.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси матбуот хизмати.

 

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг