Депутатлар Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга киритилган ўзгартиришларни маъқулладилар
Депутатлар Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга киритилган ўзгартиришларни маъқулладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги конвенцияга киритилган ўзгартиришлар билан боғлиқ баённомаларни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Халқаро фуқаро авиацияси тўғрисидаги Чикаго конвенциясига киритилган айрим ўзгартиришларни ратификация қилиш назарда тутилмоқда. Хусусан, Конвенциянинг 50 (а)-моддасига мувофиқ Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти Кенгаши аъзолари сонини 36 тадан 40 тагача, 56-моддасига асосан, Аэронавигация комиссияси аъзолари сонини эса 19 тадан 21 тагача ошириш белгиланмоқда.
Муҳокамаларда қайд этилганидек, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотига аъзо давлатлар сонининг ортиб бораётгани ҳамда халқаро ҳаво транспортининг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни тобора кучайиб бораётгани мазкур ўзгартиришларнинг долзарблигини белгиламоқда. Кенгаш таркибининг кенгайтирилиши ташкилотга аъзо давлатларнинг вакилликдаги мувозанатини таъминлаш имконини беради.
Шунингдек, Аэронавигация комиссияси таркибининг кенгайтирилиши турли давлатлар вакилларининг техник билим ва амалий тажрибасидан янада самарали фойдаланишга хизмат қилиши таъкидланди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасининг Чикаго конвенцияси доирасидаги халқаро мажбуриятларини тўлиқ бажаришини таъминлайди. Фуқаро авиацияси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.