Депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йилда Давлат дастури ижроси тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқладилар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2024 йил якунлари ижроси юзасидан ҳисоботини муҳокама қилмоқдалар.
Кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ахборот беряпти.
Мажлисда таъкидланганидек, ҳисобот даврида Давлат дастурида белгиланган устувор йўналишлар ва мақсадлар доирасида барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш йўналишида кенг кўламли ишлар амалга оширилган.
Давлат дастуридаги устувор йўналишлар ва мақсадларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида барча зарур чоралар кўрилган. 2024 йил якунида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилга нисбатан 6,5 фоизни ташкил қилган.
Ҳисобот даврида ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш борасида белгиланган устувор йўналишлар доирасида муайян ишлар амалга оширилган. Жумладан, таълим тизимини янги босқичга кўтариш мақсадида 76 фоиз болалар мактабгача таълим билан қамраб олинган. 115 та нодавлат умумий ўрта таълим ташкилоти ташкил этилган. Олий таълим муассасаларида 91 та талабалар турар-жойларини барпо этиш лойиҳаси амалга оширилган.
Аҳолини тиббий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 40 ёшдан ошган 10 миллиондан ортиқ аҳоли ҳамда 8 миллион 162 000 нафар болалар оммавий скрининг текширувидан ўтказилган. Хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида 197,7 минг нафар хотин-қизга 3,3 трлн сўм кредит ажратилган, 548,8 минг нафарининг бандлиги таъминланган.
Камбағаллик даражасини қисқартириш йўналишида “Онлине-маҳалла” платформасида ҳудудлар кесимида камбағал аҳолининг баланси шакллантирилиб, уларга кўрсатилаётган ёрдамни онлайн мониторинг қилиш ва манзилли ишлаш имкониятини берадиган “Индивидуал дастур” модули ишга туширилган. Ушбу модулда ижтимоий ҳимояга ва иқтисодий қўллаб-қувватлашга муҳтож 729 мингта оилани камбағалликдан чиқариш бўйича манзилли индивидуал дастур ишлаб чиқилиб, турли ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида республика бўйича 225,9 млн туп дарахт ва бута кўчатлари экилган, “яшил боғлар” сони 444 тага етказилган. Ўрмонлар майдонини кенгайтириш мақсадида Оролбўйи минтақасида 220 минг гектар майдонда “яшил қоплама”лар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар Давлат дастури ижросини таъминлашда ижтимоий соҳани ривожлантириш масалаларига устуворлик берилганини, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланиб, аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаи, малакали тиббий ва таълим хизматлари, муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини юқори баҳоладилар.
Шу билан бирга, давлат дастурида ижро муддати узайтирилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш чораларини кўриш, бунда мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш лозимлигини таъкидладилар.
Давлат дастурининг 2024 йил якунлари ижросига оид ҳисобот юзасидан ҳар бир сиёсий партия фракциясининг муносабатлари эшитилди.
Муҳокамалар якунида, Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланиб, Ҳукуматнинг тегишли фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар акс этган тегишли қарор қабул қилинди.