Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 05/03/2021 Давлат божхона қўмитасида Ситуацион марказ ишга туширилди
Давлат божхона қўмитасида Ситуацион марказ ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасида Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида ташкил этилган махсус таркибий тузилма – Ситуацион марказнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази, хукукни мухофаза килувчи идораралар вакилари, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси, Япония элчихонаси вакиллари ва бошқалар иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарликларида Ўзбекистоннинг ташқи алоқаларини биринчи галда айнан қўшни давлатлар билан яхшилашга, ўзаро дўстона ва яқин қўшничилик ришталарини тиклашга қаратдилар.

Минтақадаги тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликка ташқи ҳамда ички таҳдидлар бўлишига йўл қўймасликка қаратилган сиёсатлари доирасида қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли амалий ҳамкорлик мустаҳкамланди.

Бу ҳамкорлик самараси ўлароқ, қўшни давлатлар билан бир неча йиллар давомида ёпиқ бўлган 10 га яқин чегара ўтказиш пунктлари ўз фаолиятини қайта тиклади.

Натижада, чегара божхона постлари орқали ҳаракатланаётган фуқаролар сони            2,5 баробарга (2017 йилда 21,7 млн., 2018 йилда 40,4 млн. ва 2019 йилда 42,6 млн.)                    ва автотранспорт воситалари сони деярли 4 баробарга (2017 йилда 484,7 минг, 2018 йилда 1,2 млн. ва 2019 йилда 1,9 млн.) кескин ортди.

Бу ўз навбатида, чегара божхона постлари ва уларга туташ ҳудудлардаги инфратузилма объектларини ривожлантириш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва назорат техник воситалари билан етарли миқдорда жиҳозлаш, тирбандликларни келиб чиқишини олдини олиш мақсадида уларнинг ўтказувчанлигини оширишни тақозо этмоқда.

Шу мақсадда, чегара-божхона постлари авто ва темир йўл транспорт воситаларини сканер қилувчи юқори габаритли инспекцион-кўрик мажмуалари, инсон тана аъзоларини сканерловчи “Боди скан” мосламалари, замонавий рентген ускуналари, контрабанда ашёлари ҳамда қалбаки хорижий валюталарни аниқловчи турли восита ва детекторлар, радиацион портал мониторлар ва пейджерлар, тезкор-қидирув фаолияти махсус техник анжомлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу назорат техник воситаларнинг самарасини сўнгги 2 йилда, жами 826 та ҳолатда 360 кг. гиёҳвандлик моддалари ва 280 минг дона психотроп таблеткаларни чегаралар орқали ноқонуний олиб ўтилишида тўхтатиб қолинганлигида кўриш мумкин.

Божхоначилар томонидан шу даврда гиёҳвандлик моддаларини ички органларига ютиб олиб ўтувчи 11 нафар “жонли контейнер”лар ва 40 дан ортиқ жиноий гуруҳ ва 6 та  трансмиллий ҳарактердаги жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйилди.

Бундан ташқари, халқаро почта жўнатмалари орқали катта миқдорларда янги турдаги синтетик гиёҳвандлик воситалари Тожикистон билан чегарадош  ҳудудда жойлашган “Сариосиё” божхона постида темир йўл вагонларига яширинган 170 кг. дан ортиқ героин, гашиш ва бошқа турдаги наркотик моддалар ҳамда Афғонистон билан чегарадош ҳудудда жойлашган “Айритом” чегара божхона постида парфюмерия товарлари ичига яширилган 15 кг. дан ортиқ суюқ героин ва бошка гиёҳвандлик моддаси аниқланди.

Мавжуд вазият Давлат божхона қўмитаси таркибида хорижий давлатлар божхона хизматларининг илғор тажрибиларига асосланган замонавий ахборот технологиялари             ва имкониятлардан, шунингдек таҳлил усулларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида божхона объектларини кенг миқёсда масофадан туриб бошқаришни амалга оширадиган ихтисослаштирилган таркибий тузилма ташкил этиш заруратини юзага келтираётган эди.

Шу мақсадда Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 5 июлдаги “Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-6005-сон Фармони билан Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида махсус таркибий тузилма сифатида - Ситуацион марказ ташкил қилинди.

Марказ юқори малакали кадрлар, таҳлил ва истиқболни белгилаш йўналишида махсус тайёргарликдан ўтган офицерлар билан жамланди.

Шунингдек, жойларда божхона постларида амалга оширилаётган назорат билан боғлиқ барча жараёнларни таҳлил қилиб боришга мўлжалланган гуруҳлар ҳам марказлашган бошқарув тизимига, яъни Ситуацион марказга уланди.

Истиқболда мазкур Марказ божхона органлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишини рақамли технологияларни қўллаган ҳолда янги замонавий босқичга олиб чиқади ва трансчегаравий жиноятларга, айниқса, наркотикларнинг контрабандасига самарали тўсиқ бўлиши кутилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Давлат божхона қўмитасининг Ситуацион марказ ташкил этиш ташаббуси БМТнинг Наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси томонидан қўллаб –қувватланди ва бу борада ўзаро ҳамкорликка киришилди.

Тантанали очилиш маросимида Давлат божхона қўмитаси Раиси М.Азимов божхона органларини рақамлаштириш соҳасида, шу жумладан, ҳуқуқни мухофаза қилиш тизимида мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, божхона қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, контрабанданинг олдини олиш ва аниқлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича сўз юритди.

Шундан сўнг, рамзий ленталар қирқилди ва Марказ тантанали равишда очилди.

Бу ерда божхона ходимлари турли маълумотларни марказлашган ҳолда йиғиш, умумлаштириш, қайта ишлаш, потенциал хавф ва таҳдидларга қарши курашиш, шунингдек, олдиндан превентив чораларни ўз вақтида қабул қилиш ишларини амалга оширишади.

Шунингдек, чегара божхона постлари, шу жумладан, халқаро аэропортлардаги постларнинг фаолияти мониторинг қилинади ва мувофиқлаштирилади.

Ситуацион марказда чегара божхона постларида жорий қилинган икки йўлакли ("яшил" ва "қизил") тизим орқали ҳаракатланаётган фуқаролар, товарлар ва транспорт воситаларини олдиндан тақдим қилинган маълумотлар асосида назорат қилиш                            ва фильтрлаш имконияти мавжуд.

Бундан ташқари марказ Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.

Марказ фаолиятига “Ситуацион марказ” автоматлаштирилган ахборот тизими жорий қилинади.

Мазкур тизим божхона органларининг ихтисослаштирилган маълумотлар базасини юритиш, катта ҳажмдаги ахборот маълумотларини таҳлил қилиш, вазиятларни геоахборот кўринишда тасвирлаш ва таҳлил қилиш, божхона объектларини масофадан мониторинг қилиб бориш ҳамда эҳтимолий вазиятларни моделлаштириш имконини беради.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг