Валюта курслари 27/09/2024
$1 – 12736.48
UZS – -0.17%
€1 – 14193.53
UZS – -0.52%
₽1 – 137.60
UZS – -0.33%
Қидириш
Ўзбекистон 30/10/2017 “Адолат” СДП ташаббуси билан пойтахтимизда оммавий ҳашар ташкил этилди
“Адолат” СДП ташаббуси билан пойтахтимизда оммавий ҳашар ташкил этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- 2017 йилнинг 28 октябрь куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Чилонзор тумани “Байналмилал” кўчасининг “Камолон” кўпригидан “Оқтепа” кўпригигача бўлган қисмини кўнгиллилар томонидан ҳашар йўли билан тозалаш ишлари ташкил этилди.

Ҳашарда автомобиль йўли ва каналнинг ён атрофидаги маҳаллалар фуқаролари, шу қаторда жойлашган идора ва муассасалар вакиллари, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги депутатлари, партия фаоллари, тиббиёт (ДСЭНМ) муассасалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда маҳаллий ҳокимликлар вакиллари иштирок этди.

Маълумки, азалдан ота-боболаримиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келган. Албатта, бу эзгу ишларни амалга оширишда халқимизга хос бўлган ҳашарнинг ўрни катта. Шу боис партия ташаббуси билан ўтказилган ҳашарда ҳамшаҳарларимиз эрта тонгдан ўз уйи, маҳалласи, ўзи истиқомат қилаётган турар жой атрофини ободонлаштириш, озода ва покизалигини сақлашда фаол иштирок этдилар.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган дахлдорлик хиссини ошириш, хусусан, уларни кўнгилли равишда, ҳашар йўли билан атроф-муҳитнинг тозалигини таъминлашга сафарбар этиш, юрт ободлиги йўлида ёшларни бирлаштириш, уларнинг тарбиясида тозалик орқали тиббий маданиятни шакллантиришга хизмат қилади.

Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — хонадонлар, маҳаллаларнинг озодалигига эришиш, айниқса, ёш авлод онгида атроф-муҳитнинг тозалигини сақлаш кўникмасини шакллантириш, ҳар бир ташкилот ва муассасанинг ўз ҳудудини тоза сақлашда мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириш, соҳага доир қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ҳамда санитария-эпидемиологик ҳолатни яхшилаш орқали аҳоли саломатлигини сақлаш, мамлакатимиз озодалиги йўлида кўнгилли иштирокчиларни кенг жалб этиш, фуқароларда тозалаш-ободонлаштириш ишларига, соҳа фидойиларининг меҳнатига ва яратилган шароитларга ҳурмат, дахлдорлик ҳиссини уйғотиш, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш ва бу борада жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборат.

Лойиҳани амалга ошириш учун жойларда махсус ишчи гуруҳларини тузиш, аҳолининг санитария-гигиена ва тиббий маданиятини оширишда кенг жамаотчилик иштирокида маҳаллаларда сайёр учрашувлар ва давра суҳбатларини ташкил этиш, шаҳар ва қишлоқларни покиза сақлашга қаратилган тарғибот акцияларини уюштириш, жойларда оммавий ҳашарларни ташкил этиш, лойиҳа доирасида “Энг покиза оила”, “Энг покиза кўча” ва “Энг покиза маҳалла” номинациялари бўйича танловлар ўтказиш, аҳолининг, айниқса ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, аҳоли яшаш пунктлари ва унга яқин ҳудудларда тўпланиб қолган турли чиқиндиларни олиб ташлашда мутасадди ташкилотлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш, бу борада тегишли қонунларга риоя қилиниши юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш каби вазифалар белгиланган.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш орқали фуқароларнинг атроф-муҳит тозалигига масъулияти ошириш, уларда табиатни асраб-авайлаш, уни покиза ҳолда сақлаш маданиятини шакллантириш, ёш авлод тарбиясида ўз юртини севиш ва уни покиза сақлаш, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳамда тиббий маданиятни янада юксалтириш кўзда тутилган.

Лойиҳа доирасида ташкил этилган дастлабки кўнгиллилар ҳашарида маҳалла фуқаролари, шу ҳудудда жойлашган ташкилот ва муассасалар вакиллари, партия фаоллари ҳамда ободонлаштириишга масъул бўлган ташкилотлар ходимлари фаол иштирок этдилар. Ҳашар давомида азим Тошкент шаҳрининг қон томири саналган анҳор ариғининг “Камолон” кўпригидан “Оқтепа” кўпригигача бўлган икки километрдан ортиқ масофадаги қисми йиғилиб қолган турли чиқиндилар, шох-шабба ва хазонлардан тозаланди. Бу орқали пойтахтимиз озодалиги ва ободлигига ҳисса қўшилди. Партия ташаббуси билан ўтказилаётган бундай кўнгиллилар ҳашарлари республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб давом эттирилиши назарда тутилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг